mirzoulugbek.tashkent.uz Mirzoulugbek.Tashkent.Uz - Озод Шарафиддинов
Фотогалерея
Видеогалерея
Озод Шарафиддинов

 

Таржимаи ҳол

Озод Шарафиддинов - ҳозирги ўзбек адабиётшунослиги, танқидчилиги, таржимачилигининг етук намояндаси. Эллик йилдирки, у ижод қилади, ёш танқидчи, ёзувчи, олим - тадқиқотчилар ишларини ҳануз синчиклаб кузатиб боради. Етмиш олти ёшли Озод Шарафиддинов Ўзбекистон Қаҳрамони, Беруний номидаги Давлат мукофоти лауреати, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, "Меҳнат шуҳрати", "Буюк хизматлари учун" орденлари соҳиби, Ўзбекистон Миллий университетининг Олтин медалига сазовор бўлган профессор, қанчадан-қанча медаллар, фахрий дипломлар, ёрлиқлар эгаси. Ҳозир Ўзбекистон зиёлилари, маданиятли сиймолари Озод Шарафиддиновни Устоз дейдилар. Тошкент шахрининт шимоли - шарқий чеккасида Феруза мавзеси бор. Устознинг мана шу маскандаги файзли ҳовлиларида деярли ҳар куни мамлакатимизнинг вилояти, туман, шахар, қишлоқларидан келган ёш - қарини, деҳқону зиёлини, эркак - аёлни учратиш мумкин. Булар О.Шарафиддиновнинг собиқ талабалари, таниш - билишлари, адабиёт ва санъат ихлосмандлари, мухлислари. Устоз хонадонидан журналистлар, телевизорчилар, ҳужжатли фильм яратувчи ижодкорлар қадами узилмайди. Ўйлаб кетаман, мамалакатимизда фан арбоблари, лауреатлар, профессорлар, сершогирд устозлар кўп. Лекин уларни халқ яхши билмайди, радиодан гапириб, телевизорда чиқиб қолса, каттаю кичик бир жон, бир тан бўлиб тингламайди. Озод Шарафиддинов мустақилликни интиқлик билан кутган, уни ҳаётининг маъно - моҳияти деб билганлардан. Ўстоз мустақиллик учун курашчилар ҳақида гапириб, ёзиб чарчамайди. Унинг эътиқодича, инсоннинг инсонлиги эрк тантана қилган юртдагина тўла намоён бўлади. Ҳаётнинг қизиқ - қизиқ қонуниятлари бор экан: мустақиллик йилларида О.Шарафиддиновнинг руҳи тетик бўлди, ҳаётга, истиқболга муҳаббати ортди. Аммо жисмоний хасталиклар Устозни қийнади... Руҳ тетик бўлса, жисмоний норасоликлар ҳеч нарса қилолмас экан. Менимча, Озод Шарафиддинов мустақиллик йилларида бир аҳил, ишчан жамоа уддалайдиган ишларни битта ўзи бажаряпти.

  Биз Озод Шарафиддинов унвонлари, орденлари, диплому ёрлиқларини бирма-бир санадик. Устоз эл кўзидаги сиймо бўлиб танилганини айтдик. Озод Шарафиддинов нимагаки эришган бўлса, ўз меҳнати, эл - юртга садоқати, истиқлолга эътиқоди туфайли эришди. Қўлингиздаги библиокўрсаткич - Устоз ҳаёти, ижодининг тиниқ кўзгуси. Эътибор беринг, устознинг танқидчилик, ижтимоий - маънавий - маърифий, таржима соҳасидаги энг йирик асарлари,
юзлаб мақолалари истиқлол йилларида яратилди. Мустақилликдан кейингина О.Шарафиддинов меҳнатлари тақдирланди, ўзи эл - юртнинг ардоқли инсони бўлди.

 
Эллик йилдирки, Озод Шарафиддинов профессор - ўқитувчилик қилади, танқидий мақолалар ёзади, таржима билан шуғулланади. Олий ўқув юртида эътиборли ўқитувчи бўлишнинт ўзи мушкул. О.Шарафиддинов нафақат етук ўқитувчи бўлди, балки 30 га яқин фан номзодини етиштирди, 20га яқин диссертацияларга оппонентлик қилди, ўқув қўлланмалари, дарсликлар яратди. Хомчўтлар шуни кўрсатадики, XX асрнинг бошларидан то ҳозирги кунларгача уч юздан ортиқ танқидчи - озми - кўпми муддат майдонда турди - адабий - танқидий мақолалар ёзди, қизғин баҳсларда қатнашди. Озод Шарафиддинов 30-йиллардаги қирғин - баротларда отилиб кетган, чет элларга кетиб қолган танқидчиларни кўрмаган. Аммо у 20-йиллар танқидчилигида фаол иштирок этган Абдураҳмон Саъдий маърузаларини университетда тинглаган. Ўзбек танқидчилиги, адабиётшунослигининг йирик вакиллари И.Султон, Ҳ.Ёқубов, Ғ.Каримов, В.Абдуллаев сингарилар билан яқин таниш бўлган. Иккинчи жаҳон урушидан кейин танқид майдонига кириб келганларнинг ҳаммаси О.Шарафиддиновга таниш. "Чўлпонни англаш" китобида у XX аср бошидан 40 - йилларгача ижод қилган ўнлаб танқидчилар ҳақида ёзади.
Устоз ўзига тенгдош, издошлар ҳақидагинамас, 90 - йилларда танқидчиликка кириб келганлар тўғрисида ҳам ёзган.
Озод Шарафиддинов XX асрда ижод қилган ўзбек ёзувчиларининг аксарияти ҳақида мақола, тадқиқотлар яратган. Унинг ёзувчилар ҳақидаги тадқиқотлари орасида Чўлпон, Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом, Ойбек, Миртемир, Шайхзода, Зулфия ҳақида ёзганлари ҳам салмоғи, ҳам сони билан етакчилик қилади. Сўнгги йилларда Озод Шарафиддинов нафақат ўзбек ёзувчилари, танқидчилари ҳақида, балки етук зиёлилар тўғрисида ҳам эсселар яратмоқда.
Озод Шарафиддинов XX аср жаҳон адабиётини нафақат кўп ўқиган, балки ўнлаб, юзлаб шоҳ асарларни уққан, таржима қилган шахслардан ҳисобланади. Унинг шўро давридаги таржималари билан Мустақиллик йилларидаги таржималари орасида катта фарқ бор. Мен бу ўринда муаллиф таржималарининг сифатинимас, мавзусини, қаҳрамонларини назарда тутмоқдаман. Авваллари О.Шарафиддинов Ленин ҳақидаги қисса, ҳикоя, романларни кўпроқ таржима қилар, ўзбек китобхони Ленин ҳақида кўп нарса билишини истар эди. Ленин ҳақидаги фикр, тарғибот - ташвиқотлар сохта эканлигини билгач, таржимон буюк "доҳий"дан қўлини ювиб қўлтиғига урди. Мустақилликдан кейин О.Шарафиддинов Жаҳон адабиётининг, XX асрнинг машҳур асарларини таржима қила бошлади. У XXI асрнинг бошларидаёқ Пауло Коэльонинг "Алхимик", "Бешинчи тоғ" романларини, Ф.Саган, В.Войнович, Кобе Абэ, Васил Биков, Токаси Цудзиннинг қисса, ҳикояларини таржима қилди. Таржимон XX асрнинг
машҳур файласуф, социолог, сиёсатшунос, футуролог, нафосатшунос, адабиётшунослари асарларини, буюк сиймолар ҳақидаги эсселарни ўзбекчага ўгирди. Таржима, менимча, танқидчиликнинг юқори босқичи. Таржимон асарни уққач, уни ўзича талқин, таҳлил қилгач, баҳолагач, таржима қилишга киришади. Озод Шарафиддинов ўз таржималари билан жаҳондаги илғор фалсафий - эстетик қарашларни, глобаллашувнинг ижобий ва салбий томонларини ёритиб берувчи нуқтаи назарларни ўзбек ўқувчисига етказмоқда.
Библиографик кўрсаткични синчиклаб ўрганган одам О.Шарафиддинов шўро даврида кўпроқ адабий шарҳ, адабий портрет, тақриз, биографик очерк жанрларида ижод қилганини кузатади. Унинг "Йиллар ва йўллар" тадқиқот -шарҳи, "Яловбардорлар" биографик очерклар китоби, "Шеър кўп, шоир - чи?" таҳлил - шарҳи, бир қанча адабий портретлари машҳур бўлган эди. Истиқлол йилларида Озод Шарафиддинов кўпроқ эссе жанрида ижод қиляпти. Унинг аксарият эсселари 2004 йилда чоп этилган "Ижодни англаш бахти" ва "Довондаги
ўйлар" китобларига киритилган. Маълумки, эсседа мушоҳада, тафаккур юритиш муҳим ҳисобланади: Шўро даврида файласуф, социолог, адабиётшунос, танқидчи эркин, тазйиқ, таъқибларни ҳисобга олмасдан мушоҳада юрита олмас эди. Озод
Шарафиддинов "Ҳаётийлик жозибаси, схематизм инерцияси" тақриз - тадқиқотида шўро давридаги мафкуравий - сиёсий қуюшқонлар ҳақида жиддий фикрларни илгари сурган эди. Мустақиллик ижодкорга, олимга, тадқиқотчига эмин - эркин фикр юритиш имконини берди. Озод Шарафиддинов эсселарида муаллиф услуби, ижтимоий - сиёсий, фалсафий - эстетик қарашлари тўлиқ намоён бўляпти. Кўрсаткичдан китобларга ёзилган сўзбоши, сўнгсўзлар анчагина ўрин олган. Устоз - олим ўнлаб ёш ижодкорлар, мунаққидларга оқ йўл тилаб мақолалар ёзган. У ўзига маъқул асарларга кириш сўз, сўнгсўзлар битар экан, биринчидан, китобхоннинг тишли - тирноқли асар билан танишишини, иккинчидан, ижодкору мунаққидни ҳар хил тўсиқлардан омон - эсон ўтказиб юборишни мақсад қилиб қўйган.
Библиографияда О.Шарафиддиновнинг 30 га яқин китоби, 600 дан ортиқ мақола ва таржималари ҳақида қисқа маълумот берилган. Муаллиф битта мақола, тадқиқот, портрет, эссени ёзиш учун ўнлаб бадиий, қанчадан - қанча илмий асарларни ўқиб, ўрганиб чиққан. Баъзи мақолаларни чоп эттиргунча, баъзиларини эълон қилгач, қанчадан - қанча қаршиликларни енгган, таъна - дашномлар эшитган. Хуллас, Озод Шарафиддинов ижоди - мунаққид, таржимон, устоз -профессорнинг ярим асрлик йўли машаққатли, мураккаб бўлганлиги яққол кўринади. Қувонч шундаки, истиқлол туфайли, ижодкор меҳнатини қадрлай оладиганлар борлиги боис Озод Шарафиддинов қадр - қиммат топди.
Мазкур библиография 1989 йилда илмий ходим Мастура Азимова томонидан тузилган библиографик кўрсаткич асосида вужудга келди. Мазкур библиографияни аспирант Зухриддин Қудратов тузди. У Озод Шарафиддиновнинг турли ном, тахаллуслар билан босилган таржималарини аниқлади. Илк тузилган библиографияга кирмай қолган мақолаларни ҳам топди, ушбу китобга киритди. Библиографияга Озод Шарафиддиновнинг XX асрнинг эллигинчи йилларидан 2004 йилнинг охиригача яратган мақолалари, таржималари, ҳаёти, ижодига оид маълумотлар киритилган. Табиийки, библиографияга баъзи мақола, таржималар кирмай қолган бўлиши мумкин. Ушбу китобчани бойитиш, тўлдиришга ҳисса қўша оладиган мутахассис - мухлисларга аввалдан миннатдорчилик изҳор этамиз.

 



Печать 01 Май 2014 Ўқилди: 1842


Ишонч телефонларига аҳоли ва тадбиркорлар томонидан тушган мурожаатлар сони

 

beta(test statistika)

 

24.09.2018

ҳолати

 

Сайтга келиб тушган мурожаатлар

(Facebook) ижтимоий тармоғига

 

Мирзо Улуғбек туманига келиб тушган мурожаатлар

 

PM.GOV.UZ Президент порталига келиб тушган мурожаатлар

 

Келиб тушгани мурожаатлар

 

503

 

 

489

 

235

 

Ижродаги мурожаатлар

 

54

 

77

 

99

 

Ижроси таъминланган мурожаатлар

 

449

 

412

 

136

 

Муддати бузилган мурожаатлар

 

15

 

16

 

12

 

 

 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
ҚЎНҒИРОҚ ҚИЛИНГ!

Девонхона

(+9989 71) 267-58-82

Шикоятлар бўлими

(+9989 71) 267-58-82

Факс

(+9989 71) 268-07-07

 

Хабар қолдиринг

  • Тарихий обидалар
  • Тошкентнома
  • Маданият ва санъат
  • Тадбиркорлик
  • Тендер ва эълонлар