mirzoulugbek.tashkent.uz Mirzoulugbek.Tashkent.Uz - XIX Асрнинг Иккинчи Ярми - XX Аср Бошларида Тошкентнинг
Фотогалерея
Видеогалерея
XIX асрнинг иккинчи ярми - XX аср бошларида Тошкентнинг
 
1.1. Тошкент шаҳри «янги» қисмининг қурилиши, маъмурий тузилиши ва аҳолиси
Тошкентнинг вужудга келиш тарихига назар ташласак у узоқ ўтмишга бориб тақалади. Асрлар давомида у келгинди босқинчилар томонидан қайта-қайта талон-тарож этилди. Аммо халқнинг сабр-матонат билан олиб борган кураши ва бунёдкорлик меҳнати туфайли моддий ва маънавий маданиятнинг ажойиб ёдгорликлари қайта тикланди, шаҳар яна қаддини ростлади. Х1Х асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб Россия империясининг Ўрта Осиёга босқинчилик юришлари бошланди. Дастлабки хужум Қўқон хонлигига қаратилди ва 1864 йилда Авлиёота, Туркистон, Чимкент ва Қўқон хонлигининг бир қанча ерлари рус армияси томонидан босиб олинди. Навбатдаги хужум 1864 йил октябр ойида Тошкент шаҳрига қаратилди. Лекин шахар ахолисининг қаттиқ қаршилиги туфайли генерал М.Г.Черняев бошчилигидаги рус армияси катта талофот билан чекинишга мажбур бўлди. 1865 йил 14 июндан 15 июнга ўтар кечаси босқинчи генерал М.Г.Черняев бош бўлган рус қўшинлари томонидан Тошкентга иккинчи марта хужум уюштирилди. Улар шахарнинг Камолон дарвозаси орқали бостириб киришга муваффақ бўлди. Махаллий ахоли ҳар бир кўча, ҳар бир махалла ва ҳар бир уй учун қаттиқ кураш олиб борди. Сувсиз ва озиқ-овқатсиз қолган шахар 40 кунлик қамалдан сўнг таслим бўлди[1]. Рус ҳукумати ўз қўшинларини шаҳарнинг Бўзсув (Анхор) каналининг чап сохилидаги Ўрдага (хозирги «Анхор» кафеси ўрни) жойлаштирди. Бу Ўрдага ХIХ асрнинг 30 йилларида Қўқон хони томонидан асос солинган бўлиб, ичкарисида қаср, маъмурий бинолар, қурол-яроғ омборлари ва казармалар қурилган эди. Ўрданинг худуди қарийб 20 га ташкил этган.[2] ХIХ асрнинг бошларида Тошкентда бўлган Ф.Назаровнинг гувохлик беришича «Шаҳарнинг эски қисмидан ташқарида жойлашган қалъа баланд девор билан ўралган бўлиб, унга 10 мингдан ортиқ аскарларни жойлаштириш мумкин бўлган.[3] Тошкентни босиб олиш жараёнида Ўрданинг мудофаа деворлари ва харбий қурилмаларига анча зарар етказилган эди. Тошкент шахрининг «янги» қисмига асос солиниши айнан ана шу қаср деворлари ва ўрданинг мудофа деворларини бузишдан бошланди. Қисман эски шахарнингг шарқий ва жанубий шарқий деворлари хам бузиб ташланди. Стратегик аҳамиятга эга бўлган Тошкентни қўлдан бермаслик ва ўлкада тажовузкорона сиёсатни давом эттириш мақсадида чор хукуматига ҳарбий таянч манзили зарур эди. Генерал М.Г.Черняев тошкентликларни қалъани қамал қилишидан чўчиб, янги қалъа қуришни режалаштирди.  Шу мақсадда 1865 йилнинг ёзидаёқ зудлик билан янги ҳарбий қалъа қуришга киришдилар. Ушбу Тупроққўрғон қалъаси Қўймас дарвозасининг қаршисидаги баландликда жойлашган бўлиб, унинг тархи олти бурчакли, баланд турпоқ кўтармалари билан ўралган, 3 та дарвоза, 6 та пиёда ротаси учун бино, лазарет ва х.к. дан иборат бўлган[4]. Деворнинг айрим жойларига ўт очиш учун шинаклар қилинган. Тупроққўрғоннинг қурилиши янги шахарнинг бунёд этилишидаги биринчи қадам бўлди. Баландликда жойлашган ушбу қалъа эски шахарни назорат қилиш ва янги шахарни қўриқлаш имконини яратди. Қалъа рўпарасида М.Г.Черняев учун унча катта бўлмаган уй қурилиб, бу рус қўшинларининг Тошкентни босиб олгандан кейин юзага келган биринчи европа усулидаги уй бўлиб қолди. Шу тариқа тарихий шаклланган эски шахарни ҳисобга олмаган холда у билан ёнма-ён янги шахар қурилиши бошланди.  Дастлабки қурилишлар асосан харбий истехком типидаги иншоотларни иборат бўлди. Қалъадан Бўзсувнинг чап сохили бўйлаб то Ўрдагача кўча ётқизилиб, унга М.Г.Черняев номи берилди (кейинчалик А. Тўқай). Унда кичикроқ дўкончалар ва ўзбек бозорчаси пайдо бўлди. Бозорчада ўзбек нонлари, мева-чева ва бошқа озиқ- овқат махсулотлари сотиларди. Тошкентнинг Бўзсув чап соҳилида юзага келган “янги” қисм худудида илгари туб аҳолининг пахта ва йўнғичқа далалари бўлганди. “Мингўрик” мавзеси энг яхши ўзлаштирилган жой ҳисобланарди.  1866 йилда топограф М.Н.Колесников томонидан Тошкентнинг “янги” қисми лойиҳаси тузилди. Режада Бўзсув ва Шибли ариғи ўртасида жойларни ўзлаштириш кўзда тутилганди. Бу ердан айрим маълумотларга кўра, 1865-1866 йилларда М.Г.Черняев, сўнгра Д.И.Романовский томонидан махаллий аҳолидан 10 минг рублга ер сотиб олинган ва у яхшигина тўлов эвазига шахсий қурилишларга бериб юборилганди[5]. 1886 йил июнига келиб юқорида тилга олинган қўмита 500 ҳовлигача уй қуришга ер берди. 1866-67 йилда 200 тагача ҳовли-жой бунёд этилди. Кейинги йилларда янги уйлар сони 500 тагача етди[6]. Уларнинг кўпайишига рус маъмуриятининг ҳарбий-маъмурий идора шахсларига тегишли пул ссудалари бериш ҳақидаги қарорининг қабул қилиниши катта имкон берди. Ссуда миқдори йилига камида 1500 рублни ташкил этарди. У ўн йилга ҳар йили олинган сумманинг 2% дан тўлаб бориш ҳуқуқи билан бериларди.Хар бир оилага 156 4/1 сажен[7]ер бериларди. Унинг қиймати 10 дан 30 рублгача бўларди. Берилган ссудаларнинг умумий миқдори 1868-69 йй.да 100 минг рублгача етганди[8]. Даставвал хусусий уйлар хавфсизлик нуқтаи-назаридан ҳарбий лагерларга яқинроқ жойда қурила бошланди. Мустабид хукумат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири   Туркистон ўлкасини руслаштиришдан иборат эди. Тошкент вилоятида 1867 йилнинг ўзидаёқ руслардан иборат Черняев поселкасига асос солинган эди[9]. Шаҳарнинг «янги» қисмини бир муаллиф қуйидагича тасвирлаган эди: “ Хусусий ҳовли-жойлар асосан рус қалъасига туташ минтақаларда қуриларди ва биринчи катта уй Черняев кўчасида Жемчужин томонидан бунёд этилди. Кечқурунлари ўша вақтдаги тошкентликлар сайр қилиб юрадиган энг яхши кўча “Ўн икки терак” кўчаси эди. Бу ўша вақтдаги аҳоли ўзининг 12 терагини эъзозлаб қўйган бу ном ҳозиргача сақланиб қолган”[10]. 1866 йилда шаҳарнинг “янги” қисмини бориб кўрган А.П.Хорошхиннинг гувоҳлик беришича, у ерда асосан амалдорлар, зобитлар ва аскарлар яшарди. Улар уйларини пишиқ ё хом ғиштдан қурардилар. Кўпчилигининг поли қуруқ ер ёки тошдан бўлиб, деразаларига ойна ўрнига мой шимдирилган қоғоз ёки ёзув қоғози қопланарди. Ойна бу ерда жуда қиммат эди[11]. Аста-секин Бўзсув ва Шивли ариқлари оралиғидаги ерлар ўзлаштирила бошланди ва 1870 й. га келиб, деярли бутунлай аҳоли билан тўлган эди. Туркистон ўлкасига Россиядан режа бўйича кўчириб келтирилаётганлардан ташқари ўзбошимчалик билан кўчиб келаётган рус келгиндиларининг сонининг ўсиб бориши Туркистон генерал-губернаторлигининг маркази ҳисобланган Тошкент шахрига хам ўз таъсирини ўтказди.   Бу холат Тошкент “янги” қисмининг Шибли ва Салор ариқлари оралиғидаги ҳудуд ҳисобига кенгайтирилишини тақозо этди. Ҳарбий мухандис А.В.Макаров томонидан «янги қисм»нинг»нинг “бош лойиха”сини ишлаб чиқилди. Ушбу режа 1870 йил 1 майда генерал-губернатор К.П.Кауфман томонидан тасдиқланди[12]. Россия империясининг харбий-босқинчилик характери унинг шахар кўчаларига ном беришда ҳам ўз аксини топди. Асосан кўчалар босқинчилик вақтида ўзини кўрсатган генерал ва офицерлар, шунингдек ўлкада босқинчилик сиёсатлари олиб борилган шахарлар ва жанг майдонлари номлари билан аталган. Ушбу шахарлар 1864 йилда чор Россияси томонидан босиб олинган эди. Янги лойиҳага асосан шахар қурилиши радиусли халқа схемасида тузилган бўлиб, Константин хиёбони( хозирги Амир Темур хиёбони)[13] унинг маркази ва ундан Москва (ҳозирги Амир Темур кўчаси), Кауфман (хозирги Сайилгох), Духовский проспекти (хозирги Мовароуннахр), Қўйлиқ (ҳозирги Й.Охунбобоев ) кўчалари атрофга тарқалар эди. Режа бўйича бу ерда кенг кўчалар ётқизиш, боғлар, парклар барпо этиш кўзда тутилганди. Шаҳар қатор кўчаларга бўлинган бўлиб, улар жумласига Петербург (ҳозирги Матбуотчилар), Романовская (Буюк Турон), Самарканд (Самарканд), Воронғовский проспекти (ҳозирги Х.Сулаймонова), Шаҳрисабз, Москва (ҳозирги Амир Темур), Лагер ( Пушкин, хозирги ), Хива (хозирги Хоразм ), Андижон (хозирги Я.Ғуломов), Махрам (хозирги Ўзбекистон), Наманган (хозирги Жуковский) кўчалари кирган[14]. Бундан ташқари Романовскийтор кўчаси, Ўрда хиёбони ва боши берк кўчалар ҳам бор эди. Яна Казак, ЭскиҚўйлиқ, Первушин, Кладбишенская, Психопатрическая, Новошахрисабзкая ва бошқа кўчалар ҳам мавжуд эди[15] Соборная, Кауфманская ва Романовская кўчалари энг гавжум кўчалардан ҳисобланиб, бу ерларда энг яхши дўконлар, баққолликлар, меҳмонхоналар жойлашганди[16]. Лекин «янги» шахардаги барча қулайликлар фақатгина шу шахарда истиқомат қиладиган харбийлар, амалдорлар ва рус ахолиси учунгина яратилган эди холос. Тошкентнинг «эски» шахар қисми эса деярли хеч қандай ўзгаришсиз қолаверди. ХХ аср бошларида Тошкентнинг “янги” қисми Сапёрная ва Госпитальная кўчаларидан жанубга томон анча кенгайди. Аммо бу жойларга Россия губернияларидан одамлар хеч бир режасиз ўзларича келиб ўрнашиб ола бошладилар. Шаҳарнинг бошқа чеккаларида ҳам шу ҳол кузатилди. “Шаҳар миқёси масаласи бўйича, - деб ёзади К.К. Пален, - тафтиш яна бир нарсани аниқлади, ўзбошимчалик билан кўчиб келиш шаҳар маъмурий ҳаётига жуда ҳам ёмон таъсир кўрсатди. Генерал-адъюдант К.П. фон-Кауфман ҳақиқатда содир бўлган рус қисмининг бундай кенгайишини кутмаганди. «Янги» шаҳар белгиланган режадан ўсиб кетганди ва натижада унинг чеккаларида тор ва қинғир-қийшиқ йўллар тармоғи юзага келиб, тозалик ва ёнғин хавфсизлиги жиҳатидан ҳаддан ташқари ёмон аҳволда эди. Кўпчилигининг охири берк кўча билан тугайдиган бу йўлкалар йўл сифатида ҳам талабга жавоб бермасди, тўғри йўналиш бўйича жуда яқин жойга етиб бориш учун яшовчини айланиб, узоқ юришга мажбур этарди[17].” Дарҳақиқат, «янги» шахар чеккалари жуда хунук кўринарди. Маъмурият ободончиликка эътибор бермасди, чунки у ерларда аҳолининг мутлақо камбағал қатлами истиқомат қиларди. Шаҳарда давлат бинолари, казармалар, ҳарбий омборлар, ҳарбий ва фуқаро бинолари, касалхоналар, ўқув юртлари, маданий-маърифий муассасалар ва бошқалар қурилган бўлиб, асосан «янги» шахар харбийлари ва амалдорларига хизмат қилар эди. Тошкент “янги” қисмидаги маъмурий бинолар ғоят кўп бўлиб, улар кенг майдонни эгалларди. 1886 йилдан шаҳар Думаси ташаббуси бўйича Сирдарё бошқармаси Тошкентнинг ҳам “эски”, ҳам “янги” қисми чегараларини кенгайтириш тўғрисидаги масалани кўриб чиқди. Бу масала бўйича махсус ҳайъат тузилиб, ҳайъат хулосаси бўйича шаҳар майдони шу тариқа 110 верст[18]гача, яъни беш баравар ортиши керак эди. Бироқ Сирдарё вилоят бошқармаси мажлисида бу лойиҳа маъқулланмади. Бунга сабаб мазкур жойларни ўзлаштиришга маблағ етишмасди. Шундай бўлса-да, шаҳар “янги” қисми чегараси хусусий кишиларнинг ўзбилармонларча уй қуришлари ҳисобига муттасил кенгайиб бораверган.
   ХХ аср бошида темир йўл ётқизилиши муносабати билан келгиндилар сони ортиб борди. Шу билан бир вақтда турар-жой уйлари ҳам кўпайди. Рус меъморлари давлат ва жамоат бинолари ва хусусий уйларни лойихалаштириш чоғида маҳаллий қурилиш ва меъморчилик ютуқларига таянганлар. Шу масала бўйича Г.Н. Чабров:“Рус меъморлари ва қурувчилари турар-жой биноларини қуришда маҳаллий усулларни жон-жон деб қўллаганлар. Ёғоч уйлар ўрнига лой уйлар қурганлар, шифт ва ерларни маҳаллий намуна бўйича ясаганлар. Ёғочни тежаш мақсадида ички осма эшиклар ўрнига гилам ва полослардан фойдаланганлар.  Уйнинг зарурий қисми айвонни рус қурувчилари унча хуш кўрмаганлар, бироқ кейинчалик кенг қўллай бошлаганлар»[19]. Маҳаллий қурилиш ва безак усулларидан Тошкент ва Самарқанддаги хом ғиштдан қурилган дастлабки черковлар қурилишида ҳам фойдаланганлар (1868 й.). Ички безакда ёғоч ўймакорлиги ва ганчга нақш тушириш кенг қўлланилган, уларни маҳаллий усталар бажарганлар. Миллий безак усулларида Тошкентдаги генерал-губернатор қароргоҳининг айрим хоналарида фойдаланилган”[20]. Булар барчасида шаҳар “янги” қисмида ўзбекларнинг иштирок этиши катта ролқ ўйнаган, у ерда “улар маъмурлар чизган тарх бўйича рус уйларини қуришган, девор ва томларини бўяшган, ерга тахтадан пол қилишган»[21]. Ўз навбатида рус меъморлари ва қурувчилари усули Тошкент “эски” қисми қурилишида ҳам қўлланилган. Шаҳар “янги” қисмида қурилган энг машҳур бинолардан ўша даврдаги Давлат банки, аёллар гимназияси (хозирги ҳуқуқшунослик факулқтети биноси), Тошкент эркаклар гимназияси, Кадет корпуси (ҳозирги ТошМИ- 1 клиникаси худуди ), Княз Николай Константинович саройи (ҳозирги Ташқи ишлар вазирлигининг қабулхонаси), Реал билим юрти, Каплан дорихонаси, Тошкент шимолий вокзали, Казенная палата (ҳозирги «Соғлом авлод» ташкилоти жойлашган бино ) ва бошқаларни мисол қилиб келтириш мумкин. Бундан ташқари, 1880 й. маълумотига кўра шахарда 11 та черков, 3 та синагога ҳамда 17 та масжид бўлган[22]. Гувохнинг айтишича, XIX аср охирида барча хусусий уйларнинг ҳовлиси ёки боғчаси бўлган: “ҳар бир хонадонда кичикроқ бўлса-да, томорқаси бор, жуда бўлмаганда бир неча туп дарахти, ҳовузчаси, гохо қудуғи бўлган оддий ҳовлиси бор. Бу боғдорчилик, мевачилик қишлоқ хўжалиги ва хўжалик бошқарувчилари учун қўй-сигир, парранда боқиш, гулзор қилиш, ўз боғининг мевасидан тотиш, полиз ишларини йўлга қўйиш, қишлик ғамини ейиш имконини берган[23]”. Тошкент “эски” ва “янги” қисмларини ажратиш 1895 йилда Сирдарё генерал-губернатори томонидан қонунга таянмасдан амалга татбиқ этилган. Бироқ К.К. Пален тафтишининг кўрсатишича шаҳар шимолий қисми чегараларининг Колпаковский буйруғида кўрсатилган ифодаси “жуда ҳам ноаниқ эди; унда чегараларнинг бурилишларидаги кўрсаткичлари (бурчаклари) ҳам, аниқ табиий белгилари ҳам йўқ”[24]. Шу боис шаҳар чегаралари аниқ кўрсатилмаган. Шаҳар иккала қисми чегаралари Бўзсув ариғининг умумий чизиғи билан белгиланган бўлиб, унинг ўнг томони Тошкентнинг “эски” қисмига, чап томони “янги” қисмига қараган. Тошкент босиб олинганининг дастлабки йилларида унинг “янги” қисми аҳолиси ҳарбий амалдорлар ва аксари савдогарлардан иборат бўлган. 1867 йилда №1 фортда жойлашган харбий аскарлар гарнизонида 3000 та кишини , улардан аскарлар 1525 ва аёллари 356 кишини ташкил этган[25]. Чор хукумати хизмати ўтқаб бўлган аскарларни Туркистон ўлкасида қолишидан манфаатдор эди. Шунинг учун ҳам ўлкада қолган харбий оилаларга бир қанча имтиёзлар берилган. Ўлкада қолган ҳар бир ҳарбий оиласи 7 десятинадан кам бўлмаган хосилдор ерлар билан таъминланган. 1866 йилда шаҳарга келган А.П.Хорошхиннинг шоҳидлик беришича, “хатто тикувчи ва этикдўзлар ҳам фақат аскарлардан иборат бўлган»[26]. Босиб олинган ерларда чоризмнинг аҳволи унча мустаҳкам бўлмаган дастлабки вақтларда бу табиий ҳол эди, албатта. Кейинчалик Туркистон ўлкасида чоризм таъсири ва ҳукмронлиги кенгайиши билан Россиядан одамлар оқиб кела бошлади. Аҳолини кўчириб келтириш ҳисобига кўпайиб бориши ва Туркистон ўлкасини руслаштириш ҳам мустамлакачилик сиёсатининг асосий вазифаларидан бири эди. Асосан дехқонлар Ўрта Осиёга Россиянинг Харьков, Воронеж, Астрахан, Самара ва Оренбург губернияларидан кўчириб келтирилган[27]. Чор ҳукумати Тошкент шахри атрофига рус қишлоқларини халқа тарзида жойлаштиришни режалаштирган. Х1Х асрнинг охирига келиб бундай қишлоқлар сони 16 тага етди. 1871 йилги шаҳар аҳолиси рўйхатига кўра Тошкентнинг “янги” қисм аҳолиси миқдори 2073 нафарга етган[28]. Миллат жиҳатидан: руслар-1289, ўзбеклар-318, қозоқлар-114, немислар-110, татарлар-98, яҳудийлар-6, мордвинлар-5, бошқирдлар-3, форслар-3, данияликлар-2, афғонлар-1, молдаванлар-1, грузинлар-1, инглизлар-1[29] та бўлган.
 Агар дастлабки йилларда аёллар бир неча ўнликни ташкил этган бўлса, 1871 йилда улар 600 тага, 1875 йилга келиб 1877 тага етган[30]. Мазҳаб бўйича аҳоли православлар, яҳудийлар, лютеранлар, католиклар, реформаторлар, евангелистлар, инглизлар ва мусулмонлардан иборат бўлган[31]. Манбалардаги маълумотларга кўра шаҳар аҳолиси қирқ касб ва машғулотга эга бўлган: зобитлар ва ҳарбий амалдорлар-547 киши, савдогарлар-80 киши, руҳоний хизматчилари-5 киши, саноатчилар-53 киши, приказчиклар-14 киши, чилангарлар-5 киши , темирчилар-5 киши , этикдўзлар-7 киши, усталар-16 киши, дурадгорлар-10 киши, ошпазлар-6 киши, печкачилар-8 киши, извошчилар-10 киши, машшоқлар-11 кишини ташкил этган[32]. Ўша 1871 йилда «янги шаҳар» саноат корхоналарида 628 нафар одам ишлаган, шулардан руслар-348 та, ўзбеклар-159 та, қозоқлар-87 та, яҳудийлар-19 та, татарлар-15 кишини[33] ташкил этган. Шундай қилиб саноат ишчилари таркиби кўп миллатли бўлган. Шу нарса диққатга моликки, улар орасида туб аҳоли вакиллари анча юқори салмоққа эга бўлган. Ҳар йили Россиянинг турли бурчакларидан келгиндилар кўплаб кўчиб кела бошлайдилар. Натижада «янги» шаҳар аҳолиси 4 йил ичида икки баравардан зиёдга ортган. 1875 йилги шаҳар аҳолиси рўйхати маълумотлари бўйича у 4859 кишини ташкил этган, шулардан-2982 нафари эркаклар, 1877 нафари аёллар бўлган. Бу вақтга келиб тикувчилар (55), дурадгорлар (50), этикдўзлар (36), ғишт терувчилар (18), бўёқчилар (11) ва х.к. лар ортиб борган. Фотосувратчилар, соатсозлар, гугурт ва қурол усталари, совун ясовчилар ва х.к.лар пайдо бўлган[34]. Рус маъмурияти Тошкентга тобора кўпроқ оқиб келаётган одамларни иш билан таъминлай олмаган. Барчани иш билан таъминлаш учун шахар саноати у қадар ривожланмаганди. 1875 й. шаҳар аҳолиси рўйхати натижасида 1208 нафар одамни “тайинли иши йўқ” бўлган. Булар асосан истеъфодаги аскарлар (ҳолдан тойиб, тиланчига айланган) ва дин хизматига кириб кетганлар бўлган. Шиблининг нариги томонига аҳоли кўчириб ўтказа бошлангач “тайинли иши йўқ одамлар” шаҳар “янги” қисмидаги боғлардан бошпана топишган ва “Шиблининг нариги ёғидагилар” номини олганлар[35]. Шахарнинг «янги» қисмига 11 та врач, 9 та фелқдшер, 8 та доя, 4 дорихоначи, 11 машшоқ ва 8 та ўқитувчи тўғри келган.  1890-йилларда аҳоли сони хийла ўсган.  Агар 1881 йилда 8343 одам[36]бўлса, 1896йилда эса 18.221 нафарга етган.  Кўриниб турганидек, бу даврда Тошкент янги қисмининг иш билан банд аҳолиси ўртасида туб миллий вакиллари миқдори анча ўсган. Кейинчалик бу миқдор янада ошган. 1897 йилларда улар 25000 нафар кишини ташкил этган[37]. 1898 йилда-26015[38], 1899 йилда - 26864[39], 1900 йилда - 31578[40] нафар. Кейинчалик Туркистон ўлкасида темир йўл қурилиши муносабати билан ўлкага кўчириб келтирилганлар сони янада кўпайиб кетди. Темир йўлларни қурилиши нафақатгина келгиндилар учун балки ўлкадаги бойликларни ташиб кетиш учун жуда қулай транспорт воситаси бўлиб хизмат қилди. Уларнинг таркиби турлича бўлиб, 1890 йилларгача кўчиб келганларнинг асосан ўрта хол дехқонлардан иборат бўлган. Лекин Россиядаги 1891-92 йиллардаги очарчилик оқибатида ахолининг энг камбағал қисми ҳам Туркистон ўлкасига оқиб кела бошлади.[41]  Тошкентнинг «янги» қисми аҳолиси ҳам хар йили ўртача уч минг одамга кўпайиб борди. 1909 йилда бу ерда 50400, 1910 йилда-53150, 1911 йилда-56100 нафар киши яшаган[42]. 1911-1913 йилларда аҳоли айниқса кескин кўпайган, бу пайтда «янги» шаҳарда 71192 ва 82851 нафар киши истиқомат қилган. Аҳолининг миллий таркиби ҳам кенгайган. Улар орасида монгол, бурятлар, дунганлар ва хитойликлар пайдо бўлган. Шундай қилиб, тадқиқ этаётган давримизда «янги» шаҳар аҳолиси 80 мингдан ошиб кетган. Унинг катта қисмини чор хукуматининг кўчириш сиёсати махсули бўлган кишилар ва ўзбошимчалик билан Россиядан қочиб Туркистон ўлкасига тирикчилик ғамида келиб қолган келгиндилар ташкил этган.
 
[1] Тошкентни босиб олиниши хақида қаранг.. Х.Зиёев. Туркистонда Россия тажовузи ва хукмронлигига қарши кураш. Т. 1998. [2] Тошкент. Энциклопедия. Т. 1992. 436 б [3] Назаров Ф. Записки о некоторых народах и землях Средней Азии. Спб.|, 1821. 13 б [4] Нильсен В.А. У истоков современного градостроительства Узбекистана. (Х1Х-нач.ХХ вв).   Т.   1988. 36 б. [5] ЎзР МДА .Ф.1 16 рўй.. 3 иш. 2 б. [6] Добросмыслов А. И. Ташкент в прошлом и настояшем. Ташкент. 1912. б. 73. [7] Бир сажен - 1835 йилгача 152 ёки 176 см, ундан кейин- 213,36 см ҳисобланган. Добросмыслов А. И. Ташкент в прошлом и настояшем. - Ташкент. 1912. б. 75 [8] Очерки истории Ташкента. (Биография М.Г.Черняева). Т. 1915. с.13 [9] Гинзбург А.И. Русское население в Туркестане. М. 1991. 29 б [10] Очерки истории Ташкента. (Биография М.Г.Черняева). Т. 1915. с.13 [11] Русский инвалид. 1907. № 94 [12] Россия Марказий давлат тарих архиви. 1396 ф. 1 рўйхат, 68 иш, 30 б [13] Русский инвалид. 1867. № 94 [14] Ўша жойда [15] ЎзР МДА. 36 Ф. 1 рўй. 4720 ж. 168 б [16] Масальский В.И. Туркестанский край. Спб. 1913. 621 б. [17] Палан К.К. Городское управление. СПБ. 1910. б. 44. [18] ЎзР МДА. 1 ф. 16 ж. 1680 иш. 14 б; Верст -  эски рус узунлик ўлчов бирлиги бўлиб, ХУШ аср охирларидан 1 верст - 1,0668 км га тенгдир.  [19] Архитектурные наследие Узбекистана. Т.1960. 277 б  [20] Архитектурные наследие Узбекистана. Т.1960. 277 б  [21] Масальский В.И. Туркестанский край. Спб. 1913. 612 б. [22] ЎзР МДА. 269 Ф. 1 ж.. 83 иш.4 б. [23] Маев Н.А. Ўша асар. Б. 146. [24] Россия Марказий давлат Тарих Архиви. 1396 Ф. 1 рщй. 447 иш. 94 б [25] Восточные обозрение. Материалы для истории колонизации Туркестанского края. 1885. №18; Гинзбург А.И.  Русское население в Туркестане. Т. 1991. 29 б. [26] Ежегодник. Материалы для статистики Туркестанского края. Вып.1. Спб. 1872. 8 б [27] Гинзбург А.И. Русское население в Туркестане. Т. 1991. 29 б. [28] Ежегодник. Материалы для статистики Туркестанского края. Вып.1. Спб. 1872. 8 б  [29] Ўша жойда [30] Очерки истории Ташкента.. 16 б [31] Ежегодник. Материалы для статистики Туркестанского края. Вып.1. Спб. 1872. 8 б [32] Ўша жойда, 8-9 б [33] Ўша жойда [34] Туркестанские ведомости. 1876 й. № 9. Ахолининг ёши жихатидан қуйидагича бўлган: 10 ёшгача-880, 10 дан 15 гача- 230, 15-20 ча- 461, 20-30 ча -1588, 30-40 ча 1156, 40 дан 50 ча- 396, 50 дан 60 гача 241, 70 да катталар – 24 кишини ташкил этган. [35] Очерки истории Ташкента.. …16 б [36] ЎзР МДА. 1 ф. 16 рўй. 1340 иш.96 б[37] Россия Марказий харбий тарихий давлат архиви. 400 Ф. 1 рщй. 4026 иш. 3 б [38] ЎзР МДА. 269 Ф. 1 рщй. 140 иш. 26 б [39] Ўша жойда, 158 иш. 16-17 бб [40] Ўша жойда, 205 иш. 3-7 бб [41] Гинзбург А.И. Русское население в Туркестане. Т. 1991. 32 б. [42] Россия Марказий харбий тарихий давлат архиви. 400 Ф. 1 рўй. 4026 иш. 3 б

 



Печать 04 Июнь 2014 Ўқилди: 1433


Ишонч телефонларига аҳоли ва тадбиркорлар томонидан тушган мурожаатлар сони

 

beta(test statistika)

 

24.09.2018

ҳолати

 

Сайтга келиб тушган мурожаатлар

(Facebook) ижтимоий тармоғига

 

Мирзо Улуғбек туманига келиб тушган мурожаатлар

 

PM.GOV.UZ Президент порталига келиб тушган мурожаатлар

 

Келиб тушгани мурожаатлар

 

503

 

 

489

 

235

 

Ижродаги мурожаатлар

 

54

 

77

 

99

 

Ижроси таъминланган мурожаатлар

 

449

 

412

 

136

 

Муддати бузилган мурожаатлар

 

15

 

16

 

12

 

 

 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
ҚЎНҒИРОҚ ҚИЛИНГ!

Девонхона

(+9989 71) 267-58-82

Шикоятлар бўлими

(+9989 71) 267-58-82

Факс

(+9989 71) 268-07-07

 

Хабар қолдиринг

  • Тарихий обидалар
  • Тошкентнома
  • Маданият ва санъат
  • Тадбиркорлик
  • Тендер ва эълонлар